Национальная Холдинговая Компания “Узбекнефтегаз”

A+ A-
  • (998 71) 233-57-57 Ягона алоқа рақами
  • (998 71) 233-28-88 Ишонч телефони
  • (998 71) 236-76-58 Девонхона

Ўзбекистон газ ва нефт тармоғининг тарихи — бу...

Нефт қазиб олишдаги бир асрдан ортиқ тажриба:

Нефтни саноатлашган тарзда қазиб олиш ишлари Ўзбекистонда 1885 йилда бошланган. Нефт Фарғона водийсида жойлашган Чимион қишлоғи яқинидаги икки бурғ қудуғидан қазиб олинар эди. 1900 йилда ушбу минтақада жиддий разведка ишлари бошланди ва 1904 йилда 270 метрдан ортиқ чуқурликдан нефт фаввораси отилиб чиқди;

Углеводородлар хом ашёсини қайта ишлашдаги бир асрлик тажриба:

1906 йилда Фарғона вилоятида нефт ҳайдаш заводи қурилиб, у даврий ҳаракат қилувчи битта икки кубали қурилмадан иборат эди. Нефт конидан қазилма бойлик от-улов транспортида ташилар эди. Нефтнинг сифати эса термометр ва ареометр ёрдамида аниқланар эди. Қайта ишлаш натижасида олинадиган асосий маҳсулотлар чироқ керосини ва иситиш мазути эди. Ўша замонда кераксиз бензин завод ҳудуди ташқарисидаги чуқурларда ёқиб йўқ қилинар эди. 1915-1916 йилларда, Ўрта Осиёда ички ёнув двигатели ёрдамида ҳаракатланадиган автомобиллар пайдо бўлгандан кейингина бензин фойдали маҳсулотга айланди. Маҳсулот Афғонистон ва Хитойга темир йўл ва от-улов транспортида экспорт қилинар эди. 1907 йилда заводни ака-ука Нобеллар сотиб олишди ва унинг босқичма-босқич реконструкциясини бошлашди. Ўша йилнинг ўзида Чимион конидан заводгача тортилган тўрт дюймли нефт қувуридан фойдалана бошланди ҳамда резервуар парки қурилди. 1940 йилга келиб завод ўз лабораториясига эга бўлди, технологик жараён сифат жиҳатидан юксалди, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 176 минг тоннага етди.

1972 йилда Қашқадарё вилоятида жаҳондаги энг йирик қурилмалардан бири бўлган Муборак газни қайта ишлаш заводи қурилди, 1980 йилда эса Шўртонда завод ишга туширилди;

Газ қазиб олишдаги ярим асрдан ортиқ тажриба:

Биринчи газ 1953 йил Қизилқум чўлидаги Сеталантепа конидан қазиб олинди. 1962 йилда ноёб Газли кони ишга туширилгандан кейин Бухоро — Урал ва Ўрта Осиё — Марказ трансконтиненталь газ қувурйўллари ўтказилди.

Мустақиллик йилларида соҳанинг ривожланиши

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг биринчи кунларидан соҳанинг янги ҳаёти, нефт ва газ саноати ривожланишининг янги босқичи бошланди. Мамлакат раҳбарияти ушбу соҳанинг кенг кўламли ривожланишига катта аҳамият берди.

Ўзбекистон мустақилликка эришиши ва 1992 йилдан республикада иқтисодий ислоҳотлар бошланиши билан нефт-газ комплексига алоҳида эътибор қаратилди.

Маъмурий буйруқбозлик усулларидан бозор механизми бўйича фаолиятга эволяцияли ўтишни таъминловчи структуравий ўзгаришлар босқичлари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан 1992 йилда белгилаб берилган қуйидаги стратегик вазифаларни бажариш билан олиб борилди:

- республиканинг нефт мустақиллигига эришиш мақсадида нефт ва газ конденсати қазиб чиқаришни жиддий равишда ошириш;

- ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини жаҳон андозалари даражасига етказиш мақсадида нефт ва газни технологик қайта ишлаш жараёнларини чуқурлаштириш;

- Ўзбекистон нефт-газ соҳаси хом ашё базасини ишончли таъминлаш мақсадида янги конларни очиш ҳисобига биринчи навбатда суюқ углеводородлар заҳирасини кўпайтириш.

3 май 1992 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг  «Ўзбекнефтгаз» нефт ва газ саноати Ўзбекистон давлат концернини ташкил қилиш тўғрисида»ги  Фармони имзоланди.

23 декабр 1992 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон нефт ва газ саноати давлат концернини   «Ўзбекнефтгаз» нефт ва газ саноати Миллий корпорациясига айлантириш тўғрида» Фармони эълон қилинди.

11 декабр 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекнефтгаз нефт ва газ саноати Миллий корпорациясини «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компаниясига айлантириш тўғрида» ги Фармони имзоланди.

«Ўзбекнефтгаз» МХК – бир бутун бирлашган уч поғонали холдинг компания. Компанияни амалдаги бошқарув тизими «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 21 августдаги ПҚ-446 сон Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 июлдаги ПҚ-906 сон «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси ижро этувчи аппаратининг ташкилий тузилмасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ тасдиқланган.

Республика саноати барқарор, жадал ва мос равишда ривожланишини, қайта ўзгартиришлар структурасини чуқурлаштириш, соҳа комплекслари ва саноат корхоналарини модернизациялаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш асосида унинг асосий соҳаларини диверсификациялашга, ҳамда экспорт салоҳияти, самарадорлиги, рақобатбардошлигини оширишга йўналтирилган асосий вазифалар 2011-2015 йилларда республика саноатини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларида белгилаб берилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15 декабр 2010 йилдаги  «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрида»ги  ПҚ-1442 сон Қарори қабул қилинган.

Бугунги кунда «Ўзбекнефтгаз» МХК нефт-газ соҳасининг барча фаолият йўналишларини таъминлайдиган, 200 дан ортиқ корхоналарни бирлаштирган, 120 мингдан ортиқ киши ишлайдиган, вертикал бир бутун бирлашган, уч поғонали холдинг компаниядир.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи

1997 йил таркиби «Текнип» (Франция), «Марубени», «Джей Джи-Си» (Япония)  компаниялардан иборат консорциум билан ҳамкорликда  Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилди.

Хўжаобод ер ости газ сақлаш омбори

1999 йил «Дрессер-Ренд» (АҚШ) компаниясининг компрессорлари асосида «BSI Индастриз»(АҚШ) компанияси билан ҳамкорликда Хўжаобод ер остида газни сақлаш омбори фойдаланишга топширилди.

Шуртон газ-кимё мажмуаси

2001 йилда таркибига «Мицуи», «Тойо инжиниринг», «Нишў Иваи» ва «АББ Соими» (Италия) компаниялари кирган, «АББ Луммус Глобал» (АҚШ) компанияси етакчилигидаги консорциум билан ҳамкорликда Шўртон газ-кимё мажмуасининг қурилиши амалга оширилди.

“Шуртон” ГСКС

Шўртон конида газни сиқиш компрессор станцияси қурилиш лойиҳаси «Бейтман» (Исроил) инижиниринг компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди ва объект 2003 йил фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида соҳада чет эл компаниялари билан ҳамкорликда қурилган йирик иншоотлар

“КЎКДУМАЛОҚ” ГҲКС

Кўкдумалоқ конида «Дрессер-Ренд» (АҚШ) компаниясининг қурилмалари асосида компрессор станцияси қурилди ва 1997 йил фойдаланишга топширилди. Кўкдумалоқ компрессор станциясининг қурилиши Ўзбекистон Республикаси нефт-газ соҳасининг ривожланишидаги муҳим қадам бўлди. «Келлог» (АҚШ), «Нишо Иваи» (Япония) компаниялари билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани амалга ошириш чет эл инвестицияларини жалб қилиш ишларининг бошланиши ҳисобланади.

Фарғона НҚИЗ қайта тиклаш

Юқори сифатли нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 2000 йилда «Мицуи» ва « Тойо инжиниринг» (Япония) компаниялари билан ҳамкорликда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг реконструкцияси амалга оширилди.

Амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари

2004 йил Ўзбекистон Республикаси билан таркиби Россиянинг Лукойл нефт компанияси ҳамда  «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компаниясидан иборат инвесторлар консорциуми ўртасида Қандим конлари гуруҳи участкаси, Хаузак, Шоди участкалари ва Қўнғирот участкалари бўйича 35 йил муддатга (мега-лойиҳа) маҳсулотни тақсимлаш Келишуви (СРП) имзоланди.

Ўзбекистонда GAZPROM

2002 йил томонлар ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш мақсадида «Газпром» ОАЖ  ҳамда «Ўзбекнефтгаз» МХК газ соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди. Шахпахта конида қолдиқ заҳираларни консервациядан чиқариш ва ўзлаштириш бўйича пилот лойиҳасини республикада амалга ошириш Ўзбекистон нефт-газ секторида «Газпром»ни кейинги фаолияти ривожланишига имкон берди. 2014 йил 14 апрелда «Шахпахта конини ишлаш» лойиҳаси бўйича «Ўзбекнефтгаз» МХК билан «Зарубежнефтегаз» ЁАЖ , «Газпром» ОАЖ ва «Gas Project Development Central Asia AG» (Швейцария) таркибдан иборат консорциум ўртасида маҳсулотни тақсимлаш Келишуви (СРП) имзоланди.

Орол лойиҳаси бўйича инвесторлар консорциуми

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 август 2006 йилдаги «Орол Денгизининг Ўбекистон қисмини геологик жиҳатдан ўрганиш ва кейинчалик янги очиладиган углеводород конларини маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим шартлари асосида қазиш» ПҚ-457 сон Қарорига мувофиқ 30.08.2006 йил Ўзбекистон Республикаси ва CNPC (ХХР), KNOC (Корея), LUKOIL Overseas Holding Ltd (РФ), PETRONAS Carigali Overseas SDN BHD (Малайзия), «Ўзбекнефтгаз» МХК таркибдан иборат инвесторлар Консорциуми ўртасида Орол Денгизининг Ўбекистон қисми бўйича маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги Келишув имзоланди ва у 30 январ 2007 йил кучга кирди.

Шўртон газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани асосида ишлаб чиқариладиган сунъий суюқ ёқилғи

Лойиҳанинг умумий қиймати – 3985 млн. долл. Ишлаб чиқаришнинг йиллик ўртача лойиҳавий қуввати 863 минг тонна дизел ёқилғиси, 304 минг тонна керосин, 393 минг тонна нафта, 11 минг тонна суюлтирилган газдан иборат. Лойиҳа «Сасол» (ЖАР) ва «Петронас» (Малайзия) компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У нодир технология асосида сунъий суюқ ёқилғи олиш ва газни қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади.

Муборак ГҚИЗ УШК қошидаги газ-кимё мажмуасининг қурилиши

Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ, ишлаб чиқаришнинг лойиҳавий қуввати – 492 минг тонна полиэтилен, 66 минг тонна газ конденсати ва 53 минг тонна пиробензиндан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига 19-20 август 2014 йилдаги ташрифи давомида «Муборак ГҚИЗ» УШКда газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисидаги Келишув имзоланди.

“Ўзбекистон-Хитой” трансмиллий магистрал газ қувури

2007 йил ЎЗбекистон йирик масштабдаги, дунёдаги энг узун (7000 км) Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой халқаро газ узатиш қувури қурилиши лойиҳасига қўшилди. Ўзбекистон қисмидаги газ узатиш қувурининг (530 км) лойиҳасини қуриш ва фойдаланиш учун  «Ўзбекнефтгаз» МХК билан CNPC ўртасида «Asia Trans Gas» Қўшма корхонаси ташкил қилинди.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига 19-20 август 2014 йилдаги ташрифи давомида «Ўзбекнефтгаз» МХК билан CNPC ўртасида «Ўзбекистон-ХХР» газ узатиш қувурининг 4-тармоғини қуриш ва фойдаланиш принциплари  тўғрисида Келишув имзоланди.

Устюрт газ-кимё мажмуаси лойиҳаси ҳақида дунё рейтинги нашрлари баҳоси

Устюрт газ-кимё мажмуасини молиялаш лойиҳаси йилнинг халқаро битими сифатида эътироф этилди. Бизнес таҳлили соҳасида дунёда етакчи бўлган «Thomson Reuters» компанияси молия лойиҳасини глобал таҳлил қилиш бўйича «PFI» (Project Finance International) даврий нашрини чоп этади.

Project Finance International 2012 йил декабрдаги якуний нашрида молиявий лойиҳалаш глобал уюшма қатнашчиларининг битимларини таҳлил қилиш асосида 2012 йил  натижалари бўйича йиллик мукофотлар билан тақдирлашни эълон  қилди. Обрўли «Infrastructure Jornal» халқаро нашриёти 13 март 2014 йилда Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиш лойиҳасини «Нефт-газ соҳасидаги 2014 йилнинг Глобал битими» нуфузли мукофати билан тақдирлади.

“Навоий” эркин индустриал иқтисодий ҳудудидаги нефт ва газ соҳасининг янги қувватлари

ДП «POLIETILEN QUVURLARI»

ДП «POLIPROPILEN QUVURLARI»

Босим остида ишловчи узатиш қувурлари учун полиэтилен қувурлар ва фитинглар.

Иссиқ ва совуқ сув билан таъминлаш ҳамда иситиш тизимлари учун полипропилен қувурлар.

KO-UNG CYLINDERМЧЖ

2011 йил  «Навоий» эркин индустриал иқтисодий зонасида  Ўзбекистон-Корея «KO-UNG CYLINDER» МЧЖ қўшма корхонаси ташкил қилинди. Корхона йилига максимал қувватда 120 000 донагача газ баллони ишлаб чиқаришни режалаштирган.

ARISTON замонавий иситиш тизимлари

2011 йил  «Навоий» эркин индустриал иқтисодий зонасида  «ARISTON-Thermo UTG» Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси  ташкил қилинди. 2013 йил июлидан бошлаб бу ерда газ билан иситиш ва сувни иситиш замонавий «ARISTON BS II FF» савдо маркасидаги қозонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Ангрен” махсус индустриал ҳудудидаги нефт ва газ соҳасининг янги қувватлари

Чет эл инвесторларини жалб қилган ҳолда «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида ишлатилган техник мойларни йиғиш ва қайта ишлашнинг тугалланган технологик циклини қўллаш орқали базавий ва мотор мойлари замонавий ишлаб чиқаришини ташкил қилиш.

Инвестицияларнинг умумий қиймати 15 млн АҚШ долларига тенг. «Ўзнефтмаҳсулот» акционерлик компанияси (АК) улуши - 49%. «Prista Recycling EAD» (Болгария) компанияси улуши – 51%.

Ташкил этилаётган «Uz-Prista Recycling» МЧЖ қўшма корхонасининг хом ашёга бўлган эҳтиёжи 100% қувват билан бир йил давомида 7920 соат ишлашни ҳисобга олган ҳолда – 44,55 млн. литрга тенг.

 

И.М. Губкин номидаги нефт ва газ Россия давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида соҳа учун кадрлар тайёрлаш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 июл 2011 йилдаги « Тошкент шаҳрида И.М. Губкин номидаги нефт ва газ Россия Давлат Университети филиали фаолиятини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» ПҚ-1569-сон Қарори, ушбу Қарор ижросини назорат қилиш  бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири 29 июл 2011 йил 06/1-488 сон билан  тасдиқлаган Режа, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Кабинетиниг 14 октябр 2011 йилдаги 282-сон «И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефт ва газ Университетининг Тошкент шаҳридаги филиали қошида махсус академик лицей фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига мувофиқ 2012 йил нефт-газ соҳасида яна бир ўқув муассаса - И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефт ва газ Университетининг Тошкент шаҳридаги филиали қошида махсус академик лицей ташкил қилинди.

Сўнгги ўзгартириш: 19.09.2015

Белгиланган матнни тинглаш учун куйидаги тугмани босинг Ишлатилинмокда GSpeech